Валюта курслари 21/11/2025
$1 – 11914.67
UZS – 0.03%
€1 – 13735.23
UZS – -0.36%
₽1 – 148.27
UZS – 0.53%
Қидириш
СМТИ делегацияси Бокуда ТДТ таҳлилий марказлари йиғилишида иштирок этди

СМТИ делегацияси Бокуда ТДТ таҳлилий марказлари йиғилишида иштирок этди

СМТИ делегацияси Бокуда ТДТ таҳлилий марказлари йиғилишида иштирок этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — СМТИ директори ўринбосари Шафоат Нуруллаева бошчилигидаги делегация 29 сентябрь куни Бокуда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) таҳлилий марказларининг навбатдаги 11-йиғилишида иштирок этди.

Озарбайжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия ва Венгриянинг етакчи "ақл марказлари"нинг таниқли вакиллари иштирок этди.

Очиқ мунозаралар доирасида форум иштирокчилари туркий давлатлар ўртасидаги сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларнинг ривожланиш динамикасини муҳокама қилдилар.

ТДТ доирасида амалга оширилаётган "Ўрта йўлак", "Туркий инвестиция жамғармаси" ва "ТДТ Тараққиёт банки" каби стратегик лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

СМТИ директори ўринбосари Шафоат Нуруллаева ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида нутқ сўзлади. Унинг қайд этишича, ҳамкорликнинг янги босқичида савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва иқтисодиётни рақамлаштириш энг истиқболли соҳалар ҳисобланади.

Эксперт Ўзбекистоннинг Ташкилот доирасида ўзаро савдони мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда ТДТ давлатлари биргаликда Хитой ва Россиядан кейин мамлакатнинг учинчи энг муҳим ташқи савдо ҳамкори ҳисобланади. 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми 10 миллиард долларга яқинлашди, бу эса Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасининг 15 фоизини ташкил этади.

Ушбу ижобий динамикани сақлаб қолиш ва тезлаштириш учун, мутахассиснинг сўзларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш муҳимдир. Савдо операцияларини соддалаштирадиган ва тезлаштирадиган «ТУРК-ТРEЙД» онлайн платформасини яратиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги айирбошлашнинг ўсишига ҳисса қўшадиган савдони кенгайтириш бўйича Амалий дастурни қабул қилиш шулар жумласидандир."

СМТИ экперти ўзаро ҳамкорликнинг кейинги йўналиши сифатида саноат кооперациясини алоҳида қайд этди. Ўзбекистон бу соҳани ривожлантиришни фаол рағбатлантириши ва ТДТга аъзо давлатлар капитали иштирокида янги корхоналар ташкил этилишини қўллаб-қувватлаши қайд этилди. 2025 йилга келиб, бундай корхоналар сони 4 мингтага яқинлашиб, 2019 йилга нисбатан 60 фоизга кўпайди. Шунингдек, бу компанияларнинг улуши мамлакатдаги хорижий капитал иштирокидаги барча корхоналарнинг тахминан 20 фоизини ташкил этмоқда.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида урғу берилди. СМТИ вакилининг сўзларига кўра, туркий давлатлар жаҳон иқтисодиётида ўзининг транзит аҳамиятининг барқарор ўсишини намойиш этмоқда. "Ўрта йўлак" орқали юк ташиш ҳажми 2024 йилда 4,5 миллион тоннани ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан қарийб 6 баробар ошгани бунинг яққол тасдиғидир. Экспертнинг таъкидлашича, бундай динамика бошқа инфратузилма лойиҳалари, жумладан, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлининг стратегик зарурлигини кўрсатади.

Тадбир давомида туркий давлатлар экспертлари ва ТДТ Котибияти вакиллари Ўзбекистоннинг ташкилотни мустаҳкамлашдаги муҳим ролини эътироф этдилар. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари умумтуркий маконда давлатлараро алоқаларни чуқурлаштириш учун кучли туртки бўлмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ТДТ трансформацияси жараёнининг асосий иштирокчиларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

Унинг ҳиссаси нафақат ташкилотнинг консептуал-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашда, балки институционал-ташкилий механизмларни такомиллаштиришда ҳам намоён бўлмоқда. Тадбир иштирокчилари Тошкент Ташкилотга аъзо барча давлатлар учун ўзаро манфаатли масалалар муҳокама қилинадиган муҳим мулоқот майдонига айланиб бораётганини эътироф этдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг