СМТИ делегацияси Афғонистондаги конференцияда иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 6-7 сентябрь кунлари Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов бошчилигидаги делегация "Инвестицияларни жалб қилиш ва электр энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш" мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.
Афғонистоннинг "Да Афгҳанистан Брешна Шеркат" (DABS) давлат энергетика компанияси томонидан ташкил этилган тадбир бир майдонда 22 мамлакат вакилларини жамлади. Улар орасида Афғонистон ҳукумати, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон энергетика вазирликлари раҳбарияти ва мутахассислари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки экспертлари бор.
Тадбирда сўзга чиққан Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар энергетика муҳим тармоқ бўлиб, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг асоси бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, у Афғонистон гидро, шамол ва қуёш энергияси бўйича катта салоҳиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади. “Ушбу ресурслардан самарали фойдаланиш нафақат Афғонистонни электр энергияси билан ўзини ўзи таъминлашга, балки ушбу йўналишда экспортчига айланишига ҳам имкон беради”, - дея қўшимча қилди у.
Шу нуқтайи назардан, у хорижий давлатларни иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни бошлашга чақирди.
Бу фикрни қўллаб-қувватлаган Бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салам Ҳанафий ҳам Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун энергетика соҳасини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, "бугунги кунда мамлакат 3500 мегаватт энергия талаб қилади. 2032 йилга бориб бу кўрсаткич 6000 мегаваттгача кўтарилади. Бироқ ҳозирда Афғонистонда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган электр энергиясининг умумий ҳажми бор-йўғи 1300 мегаваттни ташкил этади". Шу муносабат билан A.Ҳанафий минтақа давлатларини Кобул билан бу борадаги ҳамкорликни фаоллаштиришга чақирди.
"Афғонистон дунё билан адоват эмас, конструктив ҳамкорликка интилади". Шу муносабат билан барқарор ривожланишни таъминлаш учун мамлакатга аниқ иқтисодий ва инфратузилма лойиҳалари зарур”, - дейди у. Бу Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва Кобулни минтақавий алоқаларга жалб қилиш учун имкониятлар очади.
Ўз навбатида, DABS раҳбари Абдул Бари Омар Афғонистон эшиклари барча хорижий инвесторлар учун очиқ эканлигини алоҳида қайд этди.
Шу ўринда Марказий Осиё давлатлари Афғонистонга импорт қилинадиган 6 миллиард доллардан ортиқ электр энергиясининг қарийб 90 фоизини қоплаш орқали энергия хавфсизлигини таъминлашга улкан ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Бунда кўрсатилган умумий ҳажмнинг 32 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.
Конференция давомида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов бошчилигидаги делегация томонидан умумий қиймати 250 миллион долларлик ўзаро манфаатли шартномалар ва йирик сармоявий лойиҳалар имзоланди, уларда мавжуд подстанцияларни кенгайтириш ва янгиларини қуриш, янги электр узатиш линияларини ётқизиш кўзда тутилган.
«Сурхон-Пули-Хумри» 500 кВ электр узатиш линиясини қуриш, «Дашти-Алвон» ва «Арганди» подстанцияларини кенгайтириш, 220 кВ кучланишли электр узатиш линиясини модернизация қилиш билан “Шайх Месри” подтанциясигача узайтириш шулар жумласидандир. Уларни амалга ошириш кейинги 18 ойга режалаштирилган.
Умуман олганда, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши энергия хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди. Бу, ўз навбатида, янги саноат қувватларини шакллантириш, иш ўринларини яратишга туртки беради. Узоқ муддатли истиқболда энергетика алоқаларини чуқурлаштириш Афғонистоннинг минтақавий алоқаларга интеграциялашувини мустаҳкамлайди.
Кобулда бўлиш доирасида DABS бош директори A.Omar билан учрашув ўтказилди. У қуйидагиларни таъкидлади: "Ўзбекистон – икки томонлама ҳамкорлигимиз изчил равишда ривожланиб бораётган яхши қўшни. Афғонистон Тошкент билан ўзаро муносабатларни ҳар томонлама чуқурлаштириш ниятида".