Валюта курслари 19/06/2025
$1 – 12618.63
UZS – -0.39%
€1 – 14516.47
UZS – -0.85%
₽1 – 160.83
UZS – -0.2%
Қидириш
Ўзбекистон 13/05/2025 Сирдарё вилоятида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди

Сирдарё вилоятида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 13 май куни Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2025 йилнинг биринчи чорагида камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига иш сўраб мурожаат қилганлар  6 625 нафар бўлиб, шундан 3 841 нафарини хотин-қизлар ташкил этган. Ушбу хотин-қизларнинг 1 915 нафари ишга жойлаштирилган, 1265 нафари касбга ўқитишга юборилган, 15 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган.

Вилоят бўйича 44 та бўш иш ўрни ярмаркалари ўтказилган бўлиб, уларда 505 та корхона ва  ташкилотлар қатнашган. Ярмаркаларга 2 078 нафар фуқаро жалб этилган бўлиб, шундан 656 нафари хотин-қизларни ташкил этган. Бу хотин-қизларнинг 143 нафари ишга жойлаштирилган, 191 нафари касбга ўқитишга юборилган, 249 нафарига маслаҳатлар берилган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида тижорат банклари томонидан 203,3 минг нафар хотин-қизга 3 трлн 128 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилган.

Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган эҳтиёжманд оилалардан бўлган 139 нафар талаба қизга 1 млрд 150 млн сўм контракт тўловлари Давлат бюджетидан қоплаб берилган.

Вилоят бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож 90 нафар хотин-қиз уй билан таъминланган. Шунингдек, 4 861 та оилага болалар нафақаси ва 286 та оилага моддий ёрдам тайинланган.

Ўрганишлар давомида вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича ўз ечимини кутаётган айрим масалалар ҳамда ишга солинмаган имкониятлар мавжудлигини аниқланган.

Хусусан, бандлиги таъминланганлиги қайд этилган 1 915 нафар хотин-қиздан 740 нафари (38,6 фоизи) солиқ органлари маълумотлари базасида тасдиғини топмаган. Шундан, 117 нафари ижтимоий дафтарларга (“Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”) киритилган хотин-қизларни ташкил этади.

2024-2025 ўқув йилида вилоятдаги олий таълим муассасаларини битирган 1 809 нафар хотин-қиздан 781 нафарининг (43,1 фоиз) бандлиги таъминланмаган.

Вилоят бўйича квотадан фойдаланиш даражаси 24,2 фоиз бўлса-да, Янгиер шаҳрида бу кўрсаткич атиги 2 фоизни ташкил қилган.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун 283 та иш ўрни банд қилинган бўлиб,  Боёвут, Гулистон туманлари ва Янгиер шаҳрида ушбу иш ўринларидан фойдаланилмаган.

Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан ўқитилган хотин-қизларнинг кейинчалик бандлигини таъминлаш бўйича мониторинг олиб борилмаган.

Шунингдек, хотин-қизларни касб-ҳунар, тадбиркорлик ва томорқа хўжалигини юритишга ўқитиш жараёнини ташкил этиш тартибига асосан ўқув дастурларининг ўқув соатлари ўргатиладиган соҳанинг йўналишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим. Бироқ 30 дан зиёд ўқув йўналишларининг барчаси бир хил 36 соат ҳажмда олиб борилмоқда.

Мажлис якунида Қўмитанинг юқоридаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг