Сирдарё вилояти делегацияси Япония компаниялари билан инвестиция лойиҳалари бўйича музокаралар ўтказди
Сирдарё вилояти делегацияси Япония компаниялари билан инвестиция лойиҳалари бўйича музокаралар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Японияда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациямиз Японияда қатор муҳим ва мазмунли учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Kodaira Kogyo Co., Ltd., Asari Kogyo Co., Ltd. ҳамда Transnational Diversified Group, Inc. компаниялари раҳбарияти билан музокаралар олиб борилди. Учрашувларда ишлаб чиқариш, технология ва саноат соҳаларида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация Aglis Co & Ltd компаниясининг иссиқхона хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишди. Эркинжон Турдимов компания президенти Н. Хироюки билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан алоҳида музокаралар ўтказди. Унда замонавий агротехнологияларни Сирдарё вилоятида жорий этиш имкониятлари муҳокама марказида бўлди.
Куннинг иккинчи ярмида “Сирдарёда бизнес қилинг!” шиори остида япониялик ва сирдарёлик тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ўтказилди. Форум доирасида вилоятнинг инвестицион жозибадорлиги тақдим этилди, қатор B2B ва G2B форматдаги учрашувлар ташкил қилинди. Натижада келгусида амалга ошириладиган аниқ ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Шунингдек, Эркинжон Турдимов Мотохиро Ооно — Япониянинг Сайтама префектураси губернатори билан ҳам учрашув ўтказди. Мулоқот давомида машинасозлик, электротехника, фармацевтика, логистика ва озиқ-овқат саноати каби устувор соҳаларда ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.