Сирдарё ва Тяньцзинь амалий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Сирдарё ва Тяньцзинь амалий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида амалий учрашувлар ва муҳим келишувлар давом этмоқда.
Тяньцзинь шаҳри раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, аниқ лойиҳаларни жадаллаштириш ва ўзаро манфаатли йўналишларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
“Сирдарё – Тяньцзинь савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми” юқори даражада ташкил этилди. Унда 700 га яқин хитойлик тадбиркорлар ҳамда 50 га яқин сирдарёлик ишбилармонлар иштирок этиб, тўғридан-тўғри мулоқот ва янги келишувлар учун самарали майдон яратилди.
Тяньцзинь енгил саноат касбий-технологик коллежи билан мутахассислар тайёрлаш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва таълимни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Саноат ва ишлаб чиқариш йўналишида бир қатор компаниялар билан музокаралар ўтказилди. Жумладан, спорт анжомлари, қурилиш материаллари, енгил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича музокаралар ўтказилди.
Хитойлик компаниялар раҳбарлари билан ўтказилган давра суҳбатида Сирдарё вилоятининг инвестиция имкониятлари тақдим этилди. Қатор компаниялар вилоятга ташриф буюриб, лойиҳаларни жойида ўрганишга қизиқиш билдирди.
Ташриф доирасидаги ҳар бир учрашув ва келишувлар ҳудудда янги ишлаб чиқаришлар, иш ўринлари ва иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади.