“ACWA Power” Сирдарёга турбина ишини тиклаш учун янги ротор етказиб берилди
“ACWA Power” Сирдарёга турбина ишини тиклаш учун янги ротор етказиб берилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё вилоятида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан қуввати 1500 МВт бўлган замонавий иссиқлик электр станцияси фойдаланишга топширилди.
Ушбу электр станциясининг 2-сонли газ турбинасида ротор носозлиги кузатилган.
Станция ишини тезкор тиклаш мақсадида, инвестор ҳамда ишлаб чиқарувчининг кафолатли шартномавий мажбуриятларига асосан Япониянинг “Mitsubishi” компаниясида янги ротор қисқа муддатда тайёрланиб, махсус рейс билан 8 декабрь куни Тошкент халқаро аэропортига олиб келинди.
Оғирлиги 114 тонна бўлган қурилма аэропортдан тўғридан-тўғри электр “ACWA Power” Сирдарё станцияси майдонига етказилди.
Янги роторни ўрнатиш ва синов-созлаш ишлари тахминан бир ой вақт тал аб қилади.
Бу қувватларни қоплаш мақсадида қўшимча захирадаги ва янги ишга туширилётган блоклардан фойдаланилмоқда.
Ҳозирги кунда ҳаво булутли (кам қуёшли) бўлаётганлиги ва кунлар қисқалиги ҳисобидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш камайган.
Шу сабабли, ишлаб чиқариш ва истеъмол балансини тартибга солиш, уларнинг мувозанатини сақлаш мақсадида айрим ҳудудларнинг электр таъминотида асосан истеъмол ортган паллаларда (17:00-21:00 лар оралиғида) қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Агар бунга зарурат туғилса, истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади. Бундай чоралар электр таъминоти барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Энергетика вазирлиги келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўради ва барча ишлар электр таъминотининг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун инвесторлар, пудратчилар ва тегишли идоралар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилаётганини таъкидлайди.