Сирдарё делегацияси Шэньчжэньда: амалий келишувлар ва янги лойиҳалар
Сирдарё делегацияси Шэньчжэньда: амалий келишувлар ва янги лойиҳалар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги вилоятимиз делегациясининг Хитойга ташрифи Шэньчжэнь музофотида давом этмоқда. Ташриф доирасида амалий музокаралар ва бизнес учрашувлар ўтказилмоқда.
Ташриф доирасида “Сирдарё – Шэньчжэнь савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми” ўтказилиб, унда 400 дан ортиқ хитойлик компаниялар, қарийб 50 нафар Сирдарё вилояти ишбилармон доира вакиллари ҳамда провинция расмийлари иштирок этди. Форум ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим платформага айланди.
Шунингдек, етакчи компаниялар раҳбарлари иштирокида “давра суҳбати” ташкил этилди. Унда ишлаб чиқариш, логистика ва инновацион технологиялар соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Fufeng Electronic Technology, Shenzhen Guangsheng Sports, Donghua Electronic Technology, Aimeite Electric, Dongwan Libao Resin, Beiyujun Intelligent Technology, Shenzhen Yuchuan Group, Kaisbo Elevator, Qingyuan Xuerui ва Shenzhen Haiduo Logistics каби компаниялар вакиллари мулоқотда фаол иштирок этиб, қўшма лойиҳалар бўйича ўз таклифларини илгари сурдилар.
Йирик саноат ва технология компаниялари билан алоҳида учрашувлар ташкил этилди. Замонавий ишлаб чиқариш, сув таъминоти ва саноат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Айрим компаниялар вилоятимизга ташриф буюриб, лойиҳаларни жойида ўрганишни режалаштираётганларини маълум қилишди.
Шу билан бирга, сув маҳсулотларини етиштириш ва электротехника соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Умуман олганда, ташриф амалий натижаларга йўналтирилган бўлиб, Сирдарёнинг инвестиция салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.