Сиднейда Rubicon Water компанияси билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазирлиги делегациясининг Австралияга ташриф дастури доирасида ирригация тизимларини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга ихтисослашган “Rubicon Water” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
“Rubicon Water” — кенг кўламли суғориш тизимлари учун илғор рақамли ечимларни ишлаб чиқарувчи етакчи Австралия компанияси ҳисобланади. Компания гравитация ёрдамида ишлайдиган канал тизимларини модернизация қилиш учун автоматлаштирилган шлюзлар, оқим ўлчагичлар ва ақлли дастурий таъминот каби замонавий технологияларни ишлаб чиқмоқда. Ушбу воситалар сув оқимларини реал вақт режимида аниқ бошқариш ва назорат қилиш имконини яратиб, сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширади ва исрофгарчиликни кескин камайтиради.
Учрашувда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тизимларини автоматлаштириш ва юқори технологияларга асосланган ечимларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳалар, шунингдек, маҳаллий мутахассислар учун ўқув дастурлари ва тажриба алмашиш механизмларини йўлга қўйиш масалаларида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.