Шенчженда фаолият юритаётган нуфузли иқтисодий барқарор компаниялар билан янги технологиялар бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Шенчжен шаҳрида фаолият юритаётган нуфузли ва иқтисодий барқарор тадбиркорлар, корпорациялар ҳамда компаниялар раҳбарлари билан очиқ мулоқот асосида учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ҳубеи, Ҳуизҳоу ва Кашгар шаҳарларининг маҳаллий ҳукумат раҳбарлари билан ишлаб чиқариш йўналишидаги лойиҳалар ва тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида «UNICON-SOFT» ва “Shenzhen T.D.S Electronic Technology Co., Ltd.” компаниялари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, янги электрон технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.