Шавкат Мирзиёев Оятуллоҳ Али Хоманаий вафоти муносабати билан Масъуд Пезешкиёнга таъзия изҳор этди
Шавкат Мирзиёев Оятуллоҳ Али Хоманаий вафоти муносабати билан Масъуд Пезешкиёнга таъзия изҳор этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Президенти Масъуд Пезешкиёнга мамлакатнинг олий диний раҳбари — Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти ҳақидаги хабар муносабати билан таъзия йўллади. Мактуб матни 2 март куни Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан эълон қилинди.
Мурожаатда Эроннинг олий диний раҳбари ҳамда унинг оила аъзолари вафоти ҳақидаги қайғули хабар «юракларимизни чуқур қайғуга солгани» таъкидланади. Ўзбекистон Президенти кўп йиллик фаолияти давомида Оятуллоҳ Хоманаий Эрон давлатчилигини мустаҳкамлаш, жамият барқарорлигини таъминлаш ва миллий қадриятларни асраб-авайлашга салмоқли ҳисса қўшганини қайд этди.
Шунингдек, диний раҳбарнинг икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги ўрни алоҳида таъкидланади. «Ўзбекистон ва Эрон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган инсон сифатида у ҳақидаги ёруғ хотира қалбларимизда абадий сақланиб қолади», — дейилади мактубда.
Шавкат Мирзиёев мурожаат якунида Эрон Президентига ва дўстона эрон халқига чин дилдан таъзия изҳор этиб, ушбу мотамли ва оғир кунларда ҳамдардлик билдирди.
Тарқатилган маълумотларга кўра, 86 ёшда бўлган Оятуллоҳ Али Хоманаий 1989 йилдан буён Эроннинг олий раҳбари лавозимини эгаллаб келган, 1981–1989 йилларда эса мамлакат Президенти бўлган.
Маълум қилинишича, у 28 февраль куни АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида ҳалок бўлган, ушбу маълумотлар Эрон дипломатик миссияси томонидан ошкор этилган.