Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 25/04/2025 Сергей Лавров: «Марказий Осиё + Россия» саммити 2025 йил кузда Душанбе шаҳрида ўтади

Сергей Лавров: «Марказий Осиё + Россия» саммити 2025 йил кузда Душанбе шаҳрида ўтади
 

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқандга қилган ташрифи чоғида «Марказий Осиё+» ҳамкорлик формати ҳақида фикр билдирди. Унга кўра, «Марказий Осиё + Россия» форматидаги навбатдаги саммит 2025 йил октябрь ойида, МДҲ йиғилиши доирасида Душанбеда бўлиб ўтади.

Лавров таъкидлаганидек, бу форматдаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли ва барча томонларни қониқтирадиган тенг ҳуқуқли келишувларга асосланиши керак. Унинг сўзларига кўра, Москва ҳамкорликка сиёсий ёки идеологик ёндошиш, айниқса, айрим ташқи ўйинчилар томонидан навбатма-навбат сингдирилаётган мавзуларни қўллаб-қувватламайди.

Вазирнинг таъкидлашича, айрим ғарб давлатлари ва тузилмалари, жумладан, Европа комиссияси раҳбарияти, минтақага антироссиявий руҳдаги дастурлар ва иқтисодий инструментлар орқали таъсир ўтказишга уринаётгани хавотир уйғотмоқда. У айниқса статистика, божхона бошқаруви ва чегаравий ҳамкорлик каби ҳассос соҳалардаги аралашувга эътибор қаратди.

«Марказий Осиё мамлакатлари бу ташаббуслар ортида қандай мақсадлар турганини жуда яхши англаб турибди ва ўзларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўрмоқда», — деди Лавров. Шунингдек, у Россия ҳеч қачон бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаганини ва шу каби ёндашувни ўз ҳамкорларидан ҳам кутаётганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрель ойи бошларида Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити бўлиб ўтди. Унда минтақадаги беш давлат раҳбарлари, Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен иштирок этди. Саммит якунида савдо, транспорт, энергетика, рақамли алоқа ва сув ресурсларини қамраб олган стратегик ҳамкорлик даражасига кўтариш бўйича декларация қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР