Валюта курслари 31/10/2025
$1 – 12025.22
UZS – 0.29%
€1 – 13969.70
UZS – 0.07%
₽1 – 149.36
UZS – -0.9%
Қидириш
Сенаторлар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима тизимини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватладилар

Сенаторлар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима тизимини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватладилар

Сенаторлар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима тизимини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватладилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги  Қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан мамлакатимизда ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, йўл ҳаракатининг ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштириш учун ҳуқуқий асослар яратилганига эътибор қаратилди.

Бунинг натижасида жорий йилнинг 8 ойи давомида республикамиздаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари 2,4 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 1,5 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 5,6 фоизга, пиёдалар иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони эса 1,6 фоизга камайишига эришилди.

Шу билан бирга, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларимизда маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этишга нисбатан иммунитетни шакллантириш, уларни қонунга итоаткор этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар кутилган натижани бермаяпти.

Айрим хорижий давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жарима жазоларидан ташқари “оғзаки огоҳлантириш” ва “огоҳлантириш” жазоси борлиги, бунда биринчи марта кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларни жаримага тортиш ўрнига, содир этган қилмишининг ижтимоий оқибатларини тушунтирган ҳолда огоҳлантириш амалиётда бундай қилмишларни содир этилишининг олдини олишда юқори натижаларга эришилаётганлиги кузатилмоқда.

Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланадиган ҳуқуқбузарликлар доирасини белгилаш, шунингдек, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо қўлланилиши муддатларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилишини, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг рўйхатини ҳамда бундай техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо қўлланилиши муддатлари аниқ белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги 171-модда билан тўлдирилиб, фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган қоидабузарликларнинг тури аниқ белгиланмоқда.

Иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 241-модда тўлдирилиб, маъмурий жазо сифатида маъмурий огоҳлантириш чораси киритилмоқда.

Учинчидан, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши автомобиллардан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратилишига, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, шунингдек, аҳолининг давлат органларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг