Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 28/05/2025 Сенаторлар солиқ ва бюджетга оид қонунни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади

Сенаторлар солиқ ва бюджетга оид қонунни такомиллаштириш  мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ялпи мажлисда “Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда солиқ ва бюджет қонунчилигини такомиллаштириш, солиқ тўғрисидаги қонунчилик талабларини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигининг янги ҳамда самарали воситаларини жорий этиш йўли билан тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини камайтириш, шунингдек, давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Қонун билан Бюджет кодексига навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва Бюджетномани парламентга киритиш муддати белгиланишини, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги ахборот расмий веб-сайтларга, “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштирилишини назарда тутадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Солиқ кодексига бюджет ташкилотларига ижарага берилган ер участкаларидан солиқ ундириш тартибини, ижарага берувчи ёки ижарага олувчи томонидан ер солиғини тўлаш тартибини, шунингдек, айрим соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари беришни ва бошқа масалаларни киритиш ҳам назарда тутилган.

Бироқ мазкур Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги сенаторлар томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, беғараз ёрдам доирасида келган тиббий асбоб-ускуналардан пулли хизматлар кўрсатиш масаласини қайта кўриб чиқиш лозимлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, Давлат бюджетини парламент томонидан қабул қилиш ва маъқуллашнинг қатъий муддатларини белгилаш ҳам зарурлиги таъкидланди.

Муҳокама мобайнида айрим қонун нормаларини сўнгги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш ҳамда такомилига етказиш зарурати борлиги ҳам қайд этилди.

Шуларни инобатга олиб, Қонунни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг