Валюта курслари 14/01/2026
$1 – 12048.04
UZS – -0.42%
€1 – 14062.47
UZS – -0.51%
₽1 – 153.28
UZS – -0.35%
Қидириш
Сенаторлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини муҳокама қилдилар

Сенаторлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини муҳокама қилдилар

Сенаторлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини муҳокама қилдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг мажлисида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мамлакат иқтисодий тараққиётида тутган ўрнига бағишланган муҳокама ўтказилди.

Унда сенаторлар, экспертлар, оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирокида мазкур Стратегиянинг иқтисодий йўналишида белгиланган вазифалар, жумладан саноатни модернизация қилиш, унинг самарадорлигини ошириш, хизматлар соҳасини кенгайтириш ҳамда рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Асосий эътибор иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва рақобатбардош миллий иқтисодий тизимни шакллантириш масалаларига қаратилди.

Иқтисодий тараққиёт – аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг асосий омили бўлиб, иқтисодиётни модернизация қилиш Стратегиянинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Сўзга чиққанлар инвестиция муҳитини яхшилаш, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, хусусий сектор улушини ошириш муҳим йўналиш эканини таъкидлаб, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларида амалий тадқиқотларни кучайтириш мақсадида “корхона – олий таълим муассасаси – илмий ташкилот” кластер тизими жорий этилиб, 2030 йилга қадар Давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган тадқиқотларни 1,6 мингга етказиш ҳамда иқтисодиётнинг “драйвер” тармоқларида 850 турдаги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, меҳнатга лаёқатли аҳолининг, шу жумладан ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 4 фоизгача тушириб, 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баравар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш мақсад қилинмоқда.

Фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш мақсадида ЯИМга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 23 фоизгача қисқартириш ҳамда консолидациялашган бюджет тақчиллиги 3 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда бўлишини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Стратегия ижросини таъминлашда очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик иштирокининг зарурлиги қайд этилди. Амалга оширилиши белгиланган иқтисодий ислоҳотларнинг мақсади аҳоли даромадларини кўпайтириш, камбағаллик даражасини қисқартириш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришдан иборат.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизни иқтисодий жиҳатдан барқарор, инновацион ва рақобатбардош давлат сифатида ривожлантиришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг