Сенатор Тошкент шаҳар ҳокимига дарахтларни ҳимоя қилиш бўйича сўров юборди
Сенатор Тошкент шаҳар ҳокимига дарахтларни ҳимоя қилиш бўйича сўров юборди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков номига сенатор сўрови юборилди.
Сўровда сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, дарахтларни кесишга нисбатан жорий этилган мораторий ва унинг амал қилиш муддати узайтирилгани алоҳида тилга олинган.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка мувофиқ дарахтларни ноқонуний кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш учун жавобгарлик кучайтирилгани, шунингдек, қоидабузарларга кесилган дарахт ўрнига кўчат экиш ва уларни парваришлаш мажбурияти юклатилгани таъкидланган.
Бироқ кўрилаётган чораларга қарамай, айрим ҳудудларда дарахтларни кесиш ҳолатлари сақланиб қолаётгани ва бу аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётгани билдирилган.
Жумладан, сенаторлар Тошкент шаҳри Чилонзор туманида ўтказган учрашувларида фуқаролар Чилонзор тумани 17-даҳа “Ботирма” маҳалласи 33-уйга туташ ҳудудда февраль ойида тўсиқлар ўрнатилиб, қурилиш ишларига тайёргарлик кўрилаётгани ҳамда бу ердаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиши хавфи мавжудлигидан норозилик билдирган.
Мазкур ҳолат инобатга олинган ҳолда сенатор сўровида ҳудуднинг ҳозирги ҳолати ва унинг тўсиқлар билан ўраб олиниши сабаблари, ушбу жойда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳамда уларнинг шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлиги юзасидан тушунтириш бериш сўралган. Шунингдек, сўровда ҳудуддаги дарахтлар хатловдан ўтказилганми-йўқми, дарахтлар кесилишининг олдини олиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан аниқлик киритиш сўралган.