Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 24/04/2025 Сенатор суғурта соҳасидаги ҳуқуқий зиддиятлар юзасидан Ҳукуматга сўров билан мурожаат қилди

Сенатор суғурта соҳасидаги ҳуқуқий зиддиятлар юзасидан Ҳукуматга сўров билан мурожаат қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат органларининг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Бош қомусимизда ҳам инсон қадрини улуғлаш ғояси алоҳида уқтирилган.

Шу боис фуқароларнинг мурожаатлари асосида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича Сенат аъзолари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қутбиддин Бурхонов шу нуқтаи назардан қонунчиликда мавжуд тафовут ва қарама-қаршиликлар оқибатида фуқароларда жиддий муаммолар юзага келаётгани ҳолати юзасидан Ҳукуматга сенатор сўрови билан мурожаат қилди.

Мазкур сенатор сўровида таъкидланганидек, суғурта соҳасидаги айрим қонун ва қонуности ҳужжатларининг ўзаро номувофиқлиги туфайли фуқароларнинг ҳақли талаблари инкор этилмоқда. Хусусан, транспорт воситасини ҳайдовчи шахслар сонини чекланмаган деб кўрсатиб суғурта қилдирган бир фуқаро йўл ҳаракати ҳодисасига учраганидан сўнг суғурта товонидан маҳрум бўлган. Бунга суғурта компанияси томонидан транспорт воситаси эгасининг фарзанди ҳақида суғурта полисида маълумот йўқлиги баҳона қилинган.

Бироқ амалдаги қонунчиликда бундай ҳолатда яқин қариндошларни алоҳида кўрсатиш талаби мавжуд эмас. Шу билан бирга, Президент Фармони билан 2019 йилдан буён яқин қариндошлар ўртасида ишончномани нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинган.

Бундай зиддиятли вазиятлар кўплаб фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига 2023 йилда шундай мазмунда 100 дан ортиқ мурожаат келиб тушгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Сенатор сўровида Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги 141-сон қарорида назарда тутилган қоидаларга тегишли ўзгартириш ва аниқлик киритиш орқали бу каби муаммоларни ҳал этиш имконияти мавжудлиги қайд этилган.

Мазкур масала юзасидан Ҳукуматдан ўз муносабатини баён этиш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўрилаётган чоралар ва уларнинг натижалари ҳақида ёзма шаклда асосланган тушунтириш бериш сўралмоқда.

Сенатор сўровининг жавоби Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилиниши назарда тутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР