Сенатда Туркия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун, 7 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Туркия Республикаси меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Ведат Ишикхан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари барча йўналишларда, шу жумладан, меҳнат, ижтимоий ҳимоя, таълим, савдо, инвестиция ва парламентлараро ҳамкорлик соҳаларида изчил ривожланаётгани қайд этилди.
Парламентлараро муносабатлар хусусида сўз юритилар экан, сўнгги йилларда парламентлар ўртасидаги мунтазам мулоқот ва ўзаро ташрифлар фаоллашгани алоҳида эътироф этилди. Ташрифлар доирасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган ҳужжатлар имзолангани ва шу тариқа парламентлараро алоқалар янги, амалий босқичга олиб чиқилгани қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда меҳнат муҳофазаси, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, аҳолини банд қилиш ва камбағалликни қисқартириш борасида ҳамкорликни кучайтириш, тажриба ва ахборот алмашиш ҳамда мазкур йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича келишувларга эришилди.