Сенатда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига доир қонун кўриб чиқилди
Сенатда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига доир қонун кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шу жумладан, амалдаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш, Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
2026 йилда ҳам солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси – 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси – 1,5 фоиз, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи – 0,95 фоиз, ижтимоий солиқ – 12 фоиз (бюджет ташкилотлари – 25 фоиз, айланмадан олинадиган солиқ – 4 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолмоқда.
Бундан ташқари, Солиқ кодексида қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мазкур Қонун мебелсозлик ва заргарлик соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларнинг экспортини кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга ҳам йўналтирилган.
Қайд этилганидек, Қонун амалиётга татбиқ этилиши натижасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга имкон берадиган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солиниши назарда тутилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда микрофирма ва кичик корхоналарга солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун жарима миқдори пасайтирилиб, охирги уч ой ичида солиқ ҳисоботлари ўз вақтида тақдим этиб келган солиқ тўловчиларга кейинги ҳисоботни 5 иш кунгача кечиктирган тақдирда маъмурий жарима қўлланилмаслиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, бир календарь ойда бир нечта солиқ турлари бўйича ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда, барча ҳисоботлар учун фақат битта жарима қўллаш механизми жорий этилмоқда.
Сенат аъзолари ўз чиқишларида иқтисодиётнинг турли соҳа
ва тармоқларига, жумладан қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, маҳаллий саноат, озиқ-овқат, медиа ва алоқа каби соҳаларига бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари берилаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, мазкур Қонун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган ставкага нисбатан 0,5 дан 1,2 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни ҳамда лазерли текислаш лозим бўлган суғориладиган ерлар лазерли текисланмаган тақдирда, ушбу ерлар учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 1,2 гача оширувчи коэффициент қўллаш ваколатини бермоқда.
Сенаторлар ушбу Қонун тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама рағбатлантиришини, тенг ва адолатли рақобат муҳитини таъминлашини, маъмурий жарималар юкини енгиллаштириши ҳамда яширин иқтисодиётнинг улушини қисқартиришга қаратилганини таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.