Сенатда гендер тенглик ва аёллар фаоллиги масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 2 апрель куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг котибияти Гендер масалалари ва ёшлар бўйича дастурлар раҳбари Зейна Хилал билан учрашди.
Суҳбат давомида мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар олиб борилаётгани ва бунда парламент муҳим роль ўйнаши алоҳида эътироф этилди.
Учрашувда томонлар юртимизда ўтказилиши режалаштирилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда гендер тенгликка оид масалаларга бағишланган форумларни ўтказишга тайёргарлик жараёнларини муҳокама қилишди.
Таъкидланганидек, парламент ҳамда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлашда парламентнинг ўрни муҳим ҳисобланади.
Суҳбат якунида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда келгусида аёллар ва ёшлар учун янги имкониятларни яратиш бўйича амалий қадамлар ҳақида келишиб олинди.