Сенатда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 19 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе билан учрашди.
Суҳбат чоғида томонлар минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиб, Марказ мандати доирасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, минтақада тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, биргаликда барқарор тараққиётни таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеясида илгари сурилган ташаббуслар ва қабул қилинган муҳим ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ тизимидаги тузилмаларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви доирасида Марказий Осиё давлатлари аёл етакчилари мулоқотининг параллел йиғилишини ташкил этиш имкониятлари бўйича фикр алмашилди. Бундай йиғилишлар ушбу платформанинг институционаллашувига хизмат қилиши ва аёлларнинг сиёсий, ижтимоий жараёнлардаги фаол иштирокини кучайтиришга ёрдам бериши таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий ташаббусларни амалга оширишда ҳамжиҳатликда иш олиб боришга тайёр эканлигини билдирди.