Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 20/06/2025 Сенатда БМТ вакили билан муҳим масалалар муҳокама қилинди

Сенатда БМТ вакили билан муҳим масалалар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (БМТ НЖБ) Афғонистон, Марказий Осиё, Покистон ва Эрондаги минтақавий вакили Оливер Штолпе билан учрашув ўтказди.

Унда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак баҳоланиб, ушбу жараёнларда БМТ НЖБ мамлакатда амалга оширилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлиги билдирилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда коррупцияга ҳамда одам савдосига қарши курашиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада БМТ НЖБ томонидан катта ёрдам кўрсатилаётгани, шунингдек, Бошқарманинг коррупция, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши курашиш борасидаги тажрибаси халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда миллий механизмлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Суҳбат чоғида коррупция ва одам савдосига қарши курашишда парламентнинг ролига эътибор қаратилиб, бу ўз ўрнида халқаро миқёсда тан олинган мустаҳкам қонунчилик тизимини шакллантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси халқаро даражада намуна бўлиши мумкинлиги эътироф этилди.

Ўзбекистоннинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, унга оид жиноятларни аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш ишлари сезиларли даражада яхшиланганлиги, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқлари таъкидланди. Бу мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланишида ўз аксини топаётганлиги қайд этилди.

Томонлар жиноятчиликнинг олдини олишда замонавий ахборот технологияларини қўллаш соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга, шунингдек, глобал таҳдидлар - рақамлаштириш, меҳнат миграциясининг кенгайиши ва бошқа устувор йўналишларни ҳисобга олган ҳолда 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг янги "йўл харитаси"ни тайёрлашга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР