Сенат “Тўлов тизимларини ривожлантириш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
Сенат “Тўлов тизимларини ривожлантириш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда рақамли тўлов хизматлари бозорини ривожлантиришга, молиявий хавф-хатарларни камайтиришга ҳамда тўлов хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ялпи мажлисда тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида банк карталаридан фойдаланган ҳолда ўғрилик ҳамда фирибгарлик ҳолатлари содир этилишининг олдини олишга қаратилган замонавий тизимлар ва бошқа ҳимоя механизмларини ташкил этиш зарурати юзага келаётгани таъкидлаб ўтилди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларига операторлар ҳамда тўлов ташкилотлари фаолиятини тартибга солишга, антифрод тизимини ва биометрик идентификация тизимларини жорий этишга, шунингдек лицензиялаш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Мазкур Қонун тўлов хизматлари бозорида хавфсизликни таъминлашга, молиявий фирибгарликларнинг олдини олишга, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Сенаторларнинг фикрича, Қонун рақобат муҳитини таъминлаш, лицензиялаш жараёнларини камайтириш ва банкларнинг тўлов хизматлари бозоридаги фаолиятини рағбатлантиришга кенг имкониятлар яратади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.