Валюта курслари 26/06/2025
$1 – 12531.78
UZS – 0.61%
€1 – 14538.12
UZS – 0.53%
₽1 – 159.82
UZS – 0.92%
Қидириш
Иқтисод 25/06/2025 Сенат ташқи савдони либераллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенат ташқи савдони либераллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг бугун бўлиб ўтаётган саккизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда корпоратив муносабатларни ривожлантириш ҳамда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш бўйича самарали изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, сенаторлар қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг битимларига уйғунлаштириш орқали ташқи савдони янада либераллаштириш зарурати юзага келаётганлигига алоҳида урғу берди.

Бугунги кунда республика импортининг 32,3 фоизи эркин савдо режими ўрнатилган мамлакатлар, 61,4 фоизи энг кўп қулайлик бериш режими қўлланилаётган давлатлар ҳиссасига ва қолган 6,3 фоизи савдо режими белгиланмаган давлатлар ёки ишлаб чиқарган мамлакати аниқланмаган товарлар ҳисобига тўғри келади.

Хусусан, республикага импорт қилинаётган товарларнинг 95 фоизи Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлардан, қолган 5 фоизи эса ушбу ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлардан олиб келинмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда, мазкур Қонун билан Божхона кодексига энг кўп қулайлик бериш режимига эга бўлмаган давлатлардан Ўзбекистонга келтирилаётган товарлар учун товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда импорт божини икки карра ошириб қўллаш амалиёти бекор қилинмоқда.

Шу билан бирга, Божхона органи томонидан ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилгандан сўнг Давлат бюджетига ўтказилиши белгиланган божхона тўловларининг муддати 5 иш кунидан 3 иш кунига қисқартирилмоқда.

Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар билан миллий қонунчилик нормаларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштириш орқали ташқи савдони адолатли қоидалар асосида амалга оширишга, импорт ва экспорт кўламини кенгайтиришга эришилади.

Шунингдек, ушбу Қонунда акциядорлик жамиятлари ижро органлари ҳамда кузатув кенгашлари аъзоларининг фидуциар мажбуриятларини, жамият мажоритар акциядорларининг умумий мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаш ҳисобига корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услуб ва механизмларини жорий этиш каби масалалар ҳам ўз аксини топган.

Ялпи мажлис давомида қонун қизғин муҳокама қилиниб, унинг келгусида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қулай шарт-шароитлар яратишга, иқтисодиётни жадал ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши ҳақида фикрлар билдирилди.

Муҳокама якунида мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг