Сенат Раиси Туркия Республикаси Элчиси билан учрашув ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 15 апрель куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уфук Улуташ билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги давлатлараро ва парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, икки томонлама алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Томонлар Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки давлат раҳбарларининг мунтазам сиёсий мулоқоти ва яқин ҳамкорлиги туфайли юксак даражасини намоён этиб, жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Эришилган натижаларга қониқиш сифатида, парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эса икки томонлама стратегик шерикликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётгани таъкидланди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик масалаларига, жумладан, бўлажак ташрифларни ташкил этиш, қўшма тадбирлар ўтказиш ва икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Элчи Уфук Улуташ Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда Туркияга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, ушбу битимлар стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқичга айланганини қайд этди. Шунингдек, Туркия Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги тасдиқланди.
Учрашув якунида томонлар халқаро ва минтақавий парламент тузилмалари, шу жумладан Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси (ТуркПА) доирасида фаол ҳамкорлик қилишга содиқлигини тасдиқлади ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини билдирди.