Валюта курслари 22/12/2025
$1 – 11996.14
UZS – -0.21%
€1 – 14051.08
UZS – -0.3%
₽1 – 148.54
UZS – -1.26%
Қидириш
Сенат Раиси Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси билан учрашди

Сенат Раиси Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси билан учрашди

Сенат Раиси Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси билан учрашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Юсуф ал-Утайбий билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот фаоллашгани, олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифлар мунтазам тус олгани қайд этилди. Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи, шунингдек, халқаро ва минтақавий саммитлар доирасидаги учрашувлар стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилгани таъкидланди.

 Суҳбат давомида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Икки мамлакат парламентларида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада фаоллаштириш, тажриба алмашиш ва ўзаро ташрифларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасида эришилган амалий натижаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, инвестиция лойиҳалари портфелининг сезиларли даражада кенгайгани, энергетика соҳасида, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган қўшма тадбирлари, шунингдек, ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этишда яратилаётган қулай шарт-шароитлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаётгани таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекситонда бунёд этилган Ислом цивилизация марказининг  Ўзбексиитондаги ислом маданий меросини ўрганиш муҳим аҳамияти алоҳида қайд этилди. Келгусида мазкур Марказ билан илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро анжуманларни ўказишда ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида бундан буён ҳам саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг