Валюта курслари 11/03/2026
$1 – 12158.13
UZS – -0.27%
€1 – 14166.65
UZS – 0.39%
₽1 – 153.98
UZS – -0.14%
Қидириш
Сенат Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олиш чораларини кўриб чиқди

Сенат Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олиш чораларини кўриб чиқди

Сенат Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олиш чораларини кўриб чиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ички ишлар вазирлигининг мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида республикамизда олди олиниши мумкин бўлган, лекин содир этилган жиноятларнинг 89,3 фоизи (36 421 таси) фош этилган.

Тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари давомида 9 921 нафар қидирувдаги шахс ушланган, 600 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилган. Бевосита маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 9 008 та маҳалланинг 4 034 тасида (44,8 фоиз) жиноят умуман  содир этилмаган.

Криминоген вазият таҳлилига кўра маҳаллаларнинг 44,8 фоизи “яшил”, 47,9 фоизи “сариқ” ва 7,4 фоизи “қизил” тоифага киритилган.

Профилактик чоралар натижасида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 4,6 фоизга, ёшлар ўртасидаги жиноятлар 15,1 фоизга, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар 14,2 фоизга, гуруҳ томонидан содир этилган жиноятлар 13,1 фоизга, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик 11 фоизга ва маст ҳолатда содир этилган жиноятлар 5,6 фоизга камайган.

“102” хизмати орқали келиб тушган 2,5 миллиондан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилиб, қарийб 1,4 миллионта ҳуқуқбузарликнинг олди олинган.

Шу билан бирга, айрим муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди. 2025 йилда республика бўйича 155 002 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 412,9 тани ташкил этган.

Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 942,6, Тошкент вилоятида 544, Сирдарё вилоятида 440,3 ва Навоий вилоятида 449,6 тани ташкил этган.

Жиноятларнинг 49,6 фоизи ахборот технологиялари орқали содир этилгани қайд этилди.

Наркожиноятлар соҳасида 15 412 та жиноят қайд этилиб, 3 тонна 775 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган. 15 та нарколаборатория аниқланган.

Шунингдек, рақамли иқтисодиёт соҳасида назорат механизмлари етарли эмаслиги сабабли 53 та ноқонуний майнинг ферма томонидан давлатга 20,6 млрд сўм зарар етказилгани маълум қилинди.

2025 йилда ёшлар томонидан 13 639 та жиноят содир этилганлигини инобатга олиб, Қўмита мажлисида ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Қўмита аъзолари томонидан соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш, профилактика ишларини кучайтириш, ахборот технологиялари орқали содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш ҳамда маҳаллаларда манзилли ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан Қўмитанинг аниқ таклиф ва тавсиялари акс этган қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг аҳбороти ҳам эшитилди.

Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг