Сенат ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий хизматларни кенгайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади
Сенат ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий хизматларни кенгайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қизғин муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Хусусан, сўнгги вақтларда ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар доираси тобора кенгайиб бормоқда ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифалари ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилмоқда.
Мазкур Қонун билан ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатиладиган кундузги парвариш хизматидан фойдаланадиган ота-она томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосида уч ёшдан ўн саккиз ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун бундай хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам барча турдаги солиқларни 2030 йил 1 январга қадар тўлашдан озод қилиниши назарда тутилмоқда, ижтимоий солиқ бундан мустасно.
Шунингдек, жамоат транспортидан бепул фойдаланувчи фуқаролар тоифаси ҳам кенгаймоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларни йўлланма бўйича давлат ташкилотларига ишга жойлаштириш белгиланаётганини алоҳида таъкидлади.
Муҳокама жараёнида ушбу Қонун ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламининг кенгайишига, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифаларига қўшимча қулайликлар яратилишига ҳамда уларнинг ишга жойлашишга доир ҳуқуқлари кафолатланишига хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.