Валюта курслари 09/07/2025
$1 – 12712.09
UZS – 0.28%
€1 – 14927.81
UZS – 0.36%
₽1 – 162.64
UZS – 1.0%
Қидириш
Технологиялар 09/07/2025 Сенат мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш ва UZIMEI ишлашига аниқлик киритишни талаб қилмоқда

Сенат мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш ва UZIMEI ишлашига аниқлик киритишни талаб қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Кобул Турсунов томонидан рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов номига сенатор сўрови юборилди.

Хусусан, унда қайд этилишича, 2019 йилдан буён мобил қурилмаларни IMEI-коди орқали рўйхатдан ўтказиш амалиёти жорий этилган, 2024 йилдан эса уларни Ўзбекистонга олиб киришда мажбурий декларация тўлдириш талаб этилади. Агар декларация тўлдирилмаса, қурилмани UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш учун божхона қийматининг 30 фоизи миқдорида тўлов белгиланган.

Сўнгги пайтларда мазкур жараёндаги муаммолар ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, uzimei.uz, my.gov.uz сайтлари ва “BIRDA” иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш имконияти чеклангани туфайли айрим ҳолларда хизмат ҳақи сунъий оширилмоқда.

Шунингдек, иккинчи SIM-карта учун IMEI2-кодни алоҳида рўйхатдан ўтказиш ва буни фақат қурилмани аввал рўйхатдан ўтказган жойда амалга ошириш талаби фуқаролар учун қўшимча мураккаблик ва харажатларни юзага келтирмоқда.

Юқорида келтирилган ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда, “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига асосан вазирдан uzimei.uz ва my.gov.uz платформалари ҳамда “BIRDA” мобил иловасидаги техник муаммоларни бартараф этиш, IMEI2-кодни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, UZIMEI тизимида мавжуд бюрократик талабларни юмшатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида 10 кун ичида маълумот тақдим этиши сўралмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг