Валюта курслари 25/06/2025
$1 – 12456.25
UZS – 0.36%
€1 – 14461.71
UZS – 1.57%
₽1 – 158.36
UZS – -0.01%
Қидириш
Ўзбекистон 25/06/2025 Сенат Кенгаши саккизинчи ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди

Сенат Кенгаши саккизинчи ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 июнь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Кенгаш Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисини 2025 йил 25 июнь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлис кун тартибига жамият, сиёсат, иқтисодиёт, қонунчилик, халқаро ҳамкорлик ва инсон ҳуқуқлари соҳаларига оид бир қатор муҳим қонунлар ҳамда парламент назорати доирасидаги масалалар киритилган.

Жумладан, парламент аъзолари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида турган биринчи даражали вазифалар муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, парламентда сиёсий хилма-хилликни таъминлаш, очиқлик ва мунозара муҳитини ривожлантириш мақсадида мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун кўриб чиқилади.

Сенаторлар томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кафолат маблағларини жорий этиш юзасидан қонунга таклиф этилаётган ўзгартиришлар ҳам муҳокама этилади.

Шунингдек, мажлисда иқтисодий, аграр, экологик ва инвестиция соҳаларига оид айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилади.

Халқаро ҳамкорликка оид масалалар доирасида Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш, шунингдек, Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисидаги қонунларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади.

Ялпи мажлисда инвестиция муҳитини яхшилаш, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш ҳамда вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг