Сенат Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда давлат органларининг масъулиятини ошириш, ихчам бошқарув тизимини шакллантириш, давлат буюртмачиларининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини таъминлаш жараёнини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келаётганлигига алоҳида урғу берилди. Бунда давлат органлари ва ташкилотларининг масъулиятини ошириш, интеллектуал мулк объектларининг ҳамда уларнинг товар белгисига бўлган ҳуқуқларининг муҳофазасини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Жумладан, охирги уч йилда Ўзбекистонда товар белгиларини рўйхатдан ўтказишга бўлган талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда 3 155 та гувоҳнома берилган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган даврида 4 484 тага етган.
Шуларни инобатга олиб, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган қўшимчага асосан товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши ҳуқуқ эгаси бўлган юридик шахс тугатилганда, ҳуқуқ эгаси бўлган жисмоний шахс вафот этиб, унинг васиятнома ёки қонун бўйича меросхўрлари мавжуд бўлмаганда манфаатдор шахснинг аризасига биноан суд қарори асосида муддатидан олдин тугатилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган давлат харидларини амалга ошириш бўйича тўғридан-тўғри шартномаларни комплекс экспертизадан ўтказмаган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида қонунчиликка киритилаётган янги нормалар интеллектуал фаолият натижаларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, улар ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишининг олдини олишга хамда давлат харидларини амалга ошириш жараёнида шаффофликни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.