Валюта курслари 31/10/2025
$1 – 12025.22
UZS – 0.29%
€1 – 13969.70
UZS – 0.07%
₽1 – 149.36
UZS – -0.9%
Қидириш
Сенат "Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби" тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенат "Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби" тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенат "Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби" тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 431 ҳамда 432-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мажлисда кейинги йилларда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётини кенг ислоҳ қилиш, амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.

Айниқса, замонавий ахборот-технологияларининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ижро тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда ижро иши юритувида турли бюрократия ва сансалорликларга чек қўйишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиб келинаётганлиги таъкидланди.

Ушбу Қонун билан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби почта ва (ёки) видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар тўлови юзасидан қарздорликни, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлар бўйича қарздорликни, шунингдек базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига нисбатан татбиқ этилиши назарда тутилмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонуннинг татбиқ этилиши қарздорликларни соддалаштирилган тартибда ундириш кўламини янада кенгайтиришга, ижро ҳужжатлари бўйича ундирув самарадорлиги ва тезкорлигининг оширишга ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимларининг (давлат ижрочиларининг) иш юкламасини камайишига хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг