Валюта курслари 06/02/2026
$1 – 12279.48
UZS – 0.11%
€1 – 14508.21
UZS – 0.11%
₽1 – 159.25
UZS – 0.11%
Қидириш
Сенат доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича парламент сўрови натижаларини муҳокама қилди

Сенат доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича парламент сўрови натижаларини муҳокама қилди

Сенат доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича парламент сўрови натижаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ялпи мажлисда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, уларга квота ажратиш ҳамда соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида акс этган масалалар бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, истиқболли хомашёбоп ўсимликларнинг захираларини аниқлаш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг флора турлари таркибини инвентаризация қилиш бўйича тадқиқотлар олиб борилган.

34 турдаги доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликларни парвариш қилиш ва маҳсулот етиштириш бўйича намунавий технологик хариталар ишлаб чиқилган.

Ўрмон хўжаликлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирокида кооперация усулида доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилган.

Ўрмон хўжаликларининг 5,9 минг гектар ер майдонида доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантациялари барпо этилган.

Табиий ҳолда ўсувчи ёввойи ўсимликларнинг доривор, озиқ-овқатбоп ва техник турларини етиштириш бўйича 114 та тадбиркорлик субъекти томонидан 28,2 минг гектар майдонда питомник ва плантациялар яратилган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан доривор ўсимликлар хомашёси ва улардан олинадиган маҳсулотларни сертификатлаш ва стандартлаштириш лабораториясини ҳамда юқори авлодли доривор ўсимликларнинг селекцион навларини етиштирувчи элита уруғчилик хўжаликларини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Доривор ўсимликларнинг ёввойи турларидан маданий селекцион нав ва дурагайларга ўтиш, маданий плантацияларни кенгайтириш зарурлиги юзасидан фикрлар билдирилди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг