Сенат давлат бошқарувида шаффофликни ошириш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат давлат бошқарувида шаффофликни ошириш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 13-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва жавобгарликни таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида изчил ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, мазкур Қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида аҳамият касб этади.
Қонунда ҳукумат аъзолигига тақдим этилган шахслар ва ҳоким лавозимига номзодлар энди ўз фаолият дастурлари билан бир қаторда коррупциянинг олдини олиш бўйича шахсий режаларини ҳам тақдим этиши шарт этиб белгиланмоқда. Бу эса раҳбар кадрларнинг масъулиятини оширишга ва ҳалоллик тамойилларига содиқлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар доирасида даъволарни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш имкониятларининг кенгайтирилиши фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш жараёнини янада енгиллаштиради.
Қонунда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган нормалар ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, махсус иқтисодий ва саноат зоналарида юзага келаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг судга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланиши давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Муҳокамалар давомида Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилгани, коррупциянинг олдини олиш бўйича алоҳида режа тақдим этиш талаби халқаро амалиётга тўлиқ мос келиши таъкидлаб ўтилди.
Сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, коррупцияга қарши курашишда янги босқични бошлашга, суд тизими самарадорлигини оширишга ҳамда инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилишини қайд этдилар.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.