Сенат болаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чораларини кўриб чиқди
Сенат болаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чораларини кўриб чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенат ялпи мажлисида вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, парламент сўрови юзасидан Ҳукумат томонидан муайян ишлар амалга оширилган.
Жумладан, 2025 йил давомида “Масъулиятли ота-оналик” дастурлари доирасида 22 минг нафар ота-она ҳамда 30 мингга яқин низоли оилалар ўқитилган. Ўқувларда асосий эътибор ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи, масъулияти ва жавобгарлигига қаратилган.
Шунингдек, ота-оналар масъулиятини оширишга бағишланган 10 га яқин номлардаги ўқув қўлланмалари, 40 дан зиёд тарғибот материаллари тайёрланган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори бир ойлик минимал истеъмол харажатлари қийматидан кам бўлмаслиги юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрланган.
“Алимент тўловлари” жамғармасини шакллантириш манбалари янада кенгайтирилиб, Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасининг ҳар ойлик даромадларининг харажатларига нисбатан ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан жамғармага маблағ йўналтириш тизими жорий қилинган.
Шунингдек, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилиги электрон тизими (УзАСБО) билан тўлиқ интеграция қилинган.
Марказий банк бошқарувининг “Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорига асосан вояга етмаган болалар номига банк ҳисобварағи очишнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.
Муҳокамада парламент сўрови доирасида муайян ишлар амалга оширилган бўлсада, эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Доимий иш жойига эга бўлмаган ёки даромади аниқланмаган алимент тўловчидан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тартибини такомиллаштириш, “Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисида”ги Гаага Конвенциясига қўшилиш, алимент тўловчи ҳақида маълумот бўлмаса, вояга етмаган бола таъминотини ҳал этиш кабилар шулар жумласидандир.
Муҳокама якунида юқоридаги масалаларни ўз ичига олган Сенат қарори қабул қилинди.