Сенат атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 12-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, айрим турдаги атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда келиб чиқадиган оқибат миқдорига нисбатан номутаносиблиги учун ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бормоқда.
Қонун билан қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турлари билан шуғулланувчи юридик шахслар ифлослантирувчи манбаларда ўрнатиладиган автоматик мониторинг станциялари маълумотларини Атроф-муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига реал вақт режимида киритиши мажбурийлиги қайд этилмоқда.
Шунингдек, “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунда фуқаролар белгиланмаган жойга ташлаган чиқиндисини олиб чиқиб кетиши ёки қонунчиликда белгиланган тартибда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаб бериши шартлиги назарда тутилмоқда.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кўчириб ўтиш учун рухсатнома бериш тартибини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилмоқда.
Атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик, ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини бузганлик, экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантирганлик, нобуд қилганлик учун жиноий жазо чоралари кучайтирилмоқда.
Шунингдек, аҳоли пунктларидаги ирригация тизимларини кўмиб ташлаганлик, кўп квартирали уйга туташ тупроқли ва яшил қопламали ер участкасини ўзбошимчалик билан бетонлаштириш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш ва аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда давлат экологик назоратини самарали ташкил этишга, биологик хилма-хилликни асрашга, табиий ресурсларнинг кафолатланган ҳимояланишига хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.