“Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтди
“Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 январь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимияти биносида Чорвоқ сув омбори соҳилида барпо этилиши режалаштирилаётган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туристик маркази лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, тадбир лойиҳа доирасида атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнининг бир қисми сифатида ташкил этилган. Муҳокамада маҳаллий аҳоли, оммавий ахборот воситалари, блогерлар, экологлар, экспертлар ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирок этган.
Жамоатчилик эшитувларида лойиҳанинг экологик хавфсизликка оид жиҳатлари, хусусан, тозаланмаган оқова сувларни Чорвоқ сув омборига чиқаришга йўл қўймаслик, марказлашган канализация тизимини жорий этиш, экологик мониторинг ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Лойиҳа миллий экологик қонунчилик ҳамда халқаро стандартлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши режалаштирилган. Барча таклиф ва мулоҳазалар расмий тарзда қайд этилган ҳолда, кейинги босқичларда инобатга олинади.