Савдо вазирлигида Airbus ва ATR компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 август куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари в.. Акрам Алиев Франциянинг етакчи авиация компаниялари – Airbus ва ATR вакиллари билан учрашув ўтказди. Музокараларда Airbus компаниясининг савдо бўйича вице-президенти Жак Гарриг ҳамда АТР компаниясининг савдо бўйича вице-президенти Жером Габори иштирок этди.
1981 йилда Airbus ва Италия компанияси Леонардо билан қўшма корхона сифатида ташкил этилган ATR бугунги кунда турбовинтли минтақавий самолётлар ишлаб чиқаришда жаҳон етакчиси ҳисобланади. Компания фаолияти давомида 100 та мамлакатдаги 200 дан ортиқ авиакомпанияга 1 700 дан зиёд самолёт етказиб берди.
Томонлар фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, жумладан, Ўзбекистон авиация паркининг модернизацияси ва янгиланиши масалаларини муҳокама қилдилар. Бу эса транспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда туризм ўсишини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳудудлараро ҳаво қатновларини ривожлантириш, ATR самолётларини етказиб бериш, техник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш имкониятлари ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ авиация ходимларини тайёрлаш дастурлари кўриб чиқилди.