Саудия Арабистонининг "DataVolt" компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 июль куни Саудия Арабистонининг “DataVolt” компанияси Бош ижрочи директори Ражит Нанда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
DataVolt — Саудия Арабистонининг замонавий дата марказлар (маълумотлар марказлари) қуриш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи компанияси ҳисобланади. Компания йирик корпоратив мижозлар учун юқори қувватли, энергия тежамкор ва барқарор ишлайдиган дата марказларни лойиҳалаш, қуриш ва бошқаришга ихтисослашган.
Компания ўз лойиҳаларида дата марказларни қуёш, шамол ва гидоренергия каби қайта тикланувчи манбалар орқали қувватлантиришга интилади ҳамда операцияларида энергия самарадорлигини ошириш ва “яшил энергия” сертификатлари (I-REC) орқали углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилади.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда “яшил энергия” сертификатлари (I-REC) бўйича амалиётни ривожлантириш, ахборот технологиялари соҳасида барқарор энергия таъминотини йўлга қўйиш ва янги механизмларни жорий этиш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар мамлакатимизда “яшил энергия” сертификатларига оид амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида томонлар юқорида қайд этилган масалаларни ҳамкорликда ўрганиш, халқаро амалиётдан келиб чиқиб таклифларни ишлаб чиқиш ва мамлакатда барқарор энергия бозорини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ҳамда фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.