Саудия Арабистонида “Ўзбекистон маданияти кунлари” бўлиб ўтмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2 октябрдан 11 октябргача Саудия Арабистони Подшоҳлигида “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон делегациясига маданият вазири Озодбек Назарбеков раҳбарлик қилмоқда.
Тадбир доирасида ўзбек санъат усталарининг концертлари, миллий таомлар ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, маданий павильонлар, шунингдек нодир қўлёзмалар, китоблар ва ўзбек адабиёти намуналари намойиш этилмоқда.
Ўзбекистоннинг Эр-Рияд шаҳрида ўтаётган “Riyadh International Book Fair” халқаро китоб ярмаркасида “Фахрий меҳмон” сифатида иштирок этиши катта эътибор қозонди.
Маълумот ўрнида, “Riyadh International Book Fair” — бу Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган халқаро китоб фестивали ҳисобланиб, 10 кун давом этади. Унда, 2 000 дан зиёд нашриётлар ўз маҳсулотлари билан қатнашади. Одатда ушбу фестивалнинг фахрий меҳмонлари араб давлатларидан таклиф этилади, сўнгги 10 йил давомида илк маротаба Ўзбекистон ушбу мақомга муносиб кўрилган.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони маданият вазирлари учрашуви чоғида маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.
Шунингдек, Саудия Арабистонида сақланаётган Марказий Осиёга оид нодир ва беназир қўлёзмаларни ўзбек тилига таржима қилиш бўйича қўшма ишларни йўлга қўйиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.