Валюта курслари 27/06/2025
$1 – 12586.41
UZS – 0.44%
€1 – 14758.82
UZS – 1.52%
₽1 – 160.42
UZS – 0.38%
Қидириш
Иқтисод 29/04/2025 Сариосиё аэропорти илк техник рейсни қабул қилди

Сариосиё аэропорти илк техник рейсни қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё маҳаллий аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланди. Аэропорт 29 апрель куни “Silk Avia” авиакомпаниясининг АТR-72-600 самолётида амалга оширилган биринчи техник парвозини қабул қилди.

Аэропорт аэродромининг сунъий сиртки қисми капитал таъмирланди, яъни узунлиги 1550 метр, эни 35 метр бўлган учиш-қўниш йўлагининг бутун узунлиги бўйлаб икки қатламда, юриш йўлаги ҳамда иккита АТR-72-60 самолёти учун тўхташ жойлари мавжуд перрони асфальт-бетон билан мустаҳкамланди.

"Сариосиё аэропорти аэродром мажмуаси учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатли фаолияти (1976 йилдан), шунингдек, зарур даражадаги парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда АТR-72 русумли ва қуйи тоифадаги ҳаво кемаларини қабул қилиш ва учириш мақсадида капитал таъмирлашни талаб қилар эди. Бугун аэропортга техник рейс амалга оширилди, бу аэродромнинг ҳаво кемаларини қабул қилиш ва учиришга тўлиқ тайёрлигини кўрсатди”, — дейилади "Uzbekistan Airports" матбуот хизмати хабарида.

100 нафаргача йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилиши ҳам ниҳоясига етмоқда. Барча ишлар якунлангач, бир ой ичида Сариосиё аэропортига мунтазам рейслар амалга оширилиши режалаштирилган.

Сариосиё сўнгги йилларда ўз фаолиятини тиклаган бешинчи ҳудудий аэропорт бўлди. Бунгача Мўйноқ, Қўқон, Шаҳрисабз ва Зомин аэропортлари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг