Saneg авиация ёқилғиси сегментида бизнесни ривожлантириш учун компанияни ишга туширмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Saneg нефть-газ компанияси янги шўба корхонаси – Saneg JetWhites ташкил этилганини эълон қилади, у ҳам маҳаллий, ҳам импорт қилинадиган авиация ёқилғисини сотиш бўйича операторга айланади. Янги бренд Saneg компаниясининг авиация ёқилғиси бозорига чиқиш ва нефть-газ саноатининг юқори технологияли сегментларида ўз мавқеини мустаҳкамлаш бўйича стратегик йўналишининг бир қисми бўлади.
Saneg JetWhites Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ) маҳсулотларини, шу жумладан, маҳаллий ва халқаро сифат стандартларига мувофиқ ишлаб чиқариладиган ТС-1, JEТ А-1 авиация ёқилғилари ва SSF маркали авиакеросинни сотиш билан шуғулланади.
“Saneg JetWhites”нинг яратилиши шунчаки таркибий кенгайиш эмас. Биз барқарор ҳажм, юқори сифат ва логистиканинг мослашувчанлигини таъминлаган ҳолда авиакомпаниялар учун ишончли етказиб берувчига айлана оладиган тўлақонли платформани яратмоқдамиз. Бугунги кунда Тошкентдаги ёқилғи қуйиш мажмуамиз йилига 400 минг тоннагача маҳсулот сотиш қувватига эга – бу республиканинг авиаёқилғига бўлган умумий эҳтиёжининг қарийб 80 фоизини ташкил этади. Биз муаммолар кўламини тушуниб турибмиз ва соҳанинг миллий аҳамиятига мос келадиган инфратузилмани яратмоқдамиз. Бу Saneg вертикал интеграциялашган моделини ривожлантиришнинг янги босқичидир”, – деди Saneg бош директори Тўлқин Юсупов.
Ҳажмларни ошириш ва технологик база
ФНҚИЗ ҳозирнинг ўзидаёқ юқори сифатли авиаёқилғи ишлаб чиқариш учун зарур қувватлар ва технологияларга эга. 2025 йилда ярим синтетик SSF авиакеросин ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 240 минг тоннагача, 2030 йилга келиб эса 500 минг тоннагача ошириш режалаштирилган бўлиб, бу маҳаллий авиаташувчилар эҳтиёжининг сезиларли қисмини қоплаш имконини беради.
"SSF ярим синтетик ёқилғисини ишлаб чиқариш авиация саноатининг барқарор ривожланишига қўшилган ҳиссадир. Бундай ёндашув экологик тоза ва самарали ёқилғи турлари бўйича халқаро тенденцияларга мос келади”, – деди ФНҚИЗ директори Зафаржон Тешабоев.
Компания бозорга тақдим этиладиган маҳсулотлар турини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Ҳозирги вақтда Saneg компаниясининг илмий ва ишлаб чиқариш бўлинмалари энг юқори халқаро талабларга жавоб берадиган тўлиқ синтетик авиакеросин ишлаб чиқаришни ташкил этиш технологиясини жорий этиш устида иш олиб бормоқда. Бу ички бозор учун ҳам, экологик тоза маҳсулотлар экспорти учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
Логистика ва сақлаш инфратузилмаси
Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотишдан ташқари, Saneg JetWhites ойига 5-10 минг тоннагача импорт қилинадиган авиакеросинни мунтазам равишда етказиб беради. Ушбу ҳажмлар Ўзбекистонга парвозларни амалга оширувчи хорижий авиакомпанияларнинг эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш ва тиғиз даврларда мослашувчанликни таъминлаш имконини беради.
Таъминотни барқарорлаштириш учун компания Самарқанд ва Бухорода сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришни ҳам режалаштирмоқда. Аэропортларни узлуксиз таъминлаш ҳамда самарали логистика занжирини шакллантиришда терминаллар муҳим рўл ўйнайди.
“Вазифамиз – бир вақтнинг ўзида ҳам мослашувчан, ҳам технологик ҳамда мижозлар эҳтиёжларига йўналтирилган авиация ёқилғисини етказиб беришнинг самарали тизимини яратишдан иборат. Биз авиация саноатининг юқори талабларини тушунамиз ва унинг ишончли ҳамкори бўлишга интиламиз”, – дея таъкидлади Saneg JetWhites директори Азизбек Гаюпов.