Самарқандга қўшимча электр автобуслар етказиб берилади
Самарқандга қўшимча электр автобуслар етказиб берилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд - Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Яшил шаҳар” лойиҳасига киритилган Ўзбекистондаги биринчи шаҳар ҳисобланади. Мазкур лойиҳа доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Самарқанд шаҳри жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш бўйича кредит шартномаси имзоланган.
Шартномага кўра, биринчи босқичда аҳолига жамоат транспорти хизмати кўрсатиш учун Самарқандга 100 та электробус, уларни қувватлаш ускуналари олиб келинган эди.
Бугун вилоят ҳокими Адиз Бобоев Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари ҳамда консультантлари билан учрашув ўтказди. Унда Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳанинг истиқболлари ва кейинги босқичлари, замонавий электробуслар харид қилиш ва уларнинг самарали ишлаши учун зарур инфратузилмани яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда томонлар электробуслар депоси қурилишининг бугунги ҳолатини атрофлича кўриб чиқдилар. Қурилиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш, барча технологик меъёр ва стандартларга риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун ажратилган ер майдони билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ушбу босқич электробуслар йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва инфратузилмани янада ривожлантиришни назарда тутади. Бу эса ўз навбатида, Самарқанд шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун транспорт қулайлигини сезиларли даражада яхшилайди.
Адиз Бобоев ҳудуд аҳолиснинг ҳаёт сифатини яхшилаш учун транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш устувор аҳамият касб этишини таъкидлади. Вилоят раҳбари юзага келаётган масалаларни ҳал этиш ва лойиҳани муваффақиятли амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар самарали ҳамкорликни давом эттиришдан мамнун эканликларини билдириб, лойиҳани самарали амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олдилар.