Самарқандда Хитойдан юклар учун янги ёпиқ божхона омбори очилди
Самарқандда Хитойдан юклар учун янги ёпиқ божхона омбори очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 27 декабрь куни Самарқанд вилоятида логистика ва ташқи савдо инфратузилмасини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим тадбир — «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ Улуғбек логистика маркази ҳудудида жойлашган янги ёпиқ турдаги божхона омборининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими A.M. Бобоев, Пастдарғом тумани ҳокими Ш.Ш. Раҳмонов, Улуғбек ТИФ божхона пости бошлиғи A.M. Қурбанов, шунингдек, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирок этдилар.
Мазкур божхона омбори фаолияти Хитойнинг “Indra Bonded E-commerce Services” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, Хитойдан келувчи юкларни сақлаш ҳамда уларни жойидан тезкор тарзда тарқатиш имкониятини яратади.
Божхона омбори умумий 1500 квадрат метр майдонни эгаллаб, темир йўл вагонлари ҳамда автомобиллардан юкларни ортиш-тушириш имкониятига эга. Шунингдек, омбор замонавий стеллаж тизимлари билан жиҳозланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 тоннадан ортиқ юкни сақлаш имконини беради.
Янги божхона омборининг ишга туширилиши экспорт-импорт операцияларини самарали ташкил этиш ва Самарқанд вилоятининг логистик имкониятларини оширишга хизмат қилади.