Самарқандда қурилишда тупроқ остида қолган ишчи қутқарилди
Самарқандда қурилишда тупроқ остида қолган ишчи қутқарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қутқарувчилар Самарқанддаги қурилиш майдончасида тупроқ остида қолиб кетган қурилиш ишчисига тезда ёрдам кўрсатишди.
Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, 8 апрель куни соат 18:00 атрофида навбатчилик қисмига «Олтин Аср» маҳалласидаги қурилиш объектларидан бирида инсонни тупроқ босиб қолгани ҳақида хабар келиб тушган.
Бир неча дақиқа ичида ҳудудий ФВБ бўлинмаси ходимлари воқеа жойига етиб келиб, қутқарув ишларини бошлади. Махсус техника ёрдамида жабрланувчи тезда тупроқ остида чиқариб олинди.
Унга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Шундан сўнг эркак тиббиёт муассасасига етказилди.
Шифокорлар маълумотига кўра, унинг ҳолати барқарор, ҳаёти ва соғлиғига хавф йўқ. Яқин кунларда у шифохонадан чиқарилиши кутилмоқда.