Самарқандда Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари аъзоларининг конструктив мулоқоти бўлиб ўтди
Самарқандда Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари аъзоларининг конструктив мулоқоти бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга доир кенг кўламли масалалар, шунингдек, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Муштарак тарихий илдизлар, маънавий қадриятлар ва яхши қўшничилик анъаналарига асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликнинг аҳамияти қайд этилди. Шу маънода, Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми ўтказилиши икки мамлакатнинг илм-фан намояндалари ва ижодкор зиёлиларининг мулоқоти учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Кўп томонлама форматларда парламентлараро ҳамкорлик, шу жумладан ҳудудлараро форумларда биргаликда иштирок этиш фаоллашгани алоҳида таъкидланди. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи парламентлараро форуми бунинг ёрқин далилидир.
Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилда Ўзбекистон ушбу платформага раислик қилаётгани ҳамда навбатдаги йиғилишни Бухоро шаҳрида ҳамда Осиё хотин-қизлари II форумини ўтказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Бундан ташқари, жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида XII Ёш парламент аъзолари глобал форуми ҳам бўлиб ўтиши маълум қилинди.
Томонлар Ўзбекистон-Қозоғистон иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирдилар.