Самарқандда Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди

Самарқандда Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди

Самарқандда Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд шаҳри “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Умумий ўтмишдан – муштарак келажак сари” мавзусида Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди.

Форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари илдизи муштарак, тақдири туташ, Буюк Ипак йўли чорраҳасида минг йиллар давомида шаклланган бой мерос соҳиблари эканини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли янги мазмун билан бойиб бормоқда.

Қозоғистон Сенати Раиси Маулен Ашимбаев икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик иқтисодиёт ва сиёсатдан тортиб, экология, таълим ва маданиятгача бўлган асосий йўналишларни қамраб олган ҳолда бундан буён ҳам изчил кенгайиб боришини таъкидлади.

Форумда Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Ал-Форобий, Маҳмуд Қошғарий, Алишер Навоий, Бобур ва Абай каби улуғ сиймолар мероси халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинликнинг мустаҳкам асоси экани алоҳида қайд этилди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Туркистон, Чимкент ва Олмаота каби шаҳарлар эса умумий тарих ва маданий мероснинг тирик гувоҳлари сифатида эътироф этилди.

Анжуманда кейинги йилларда икки давлат ўртасида гуманитар соҳадаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланди. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон маданияти ва ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналарини тарғиб қилишга қаратилган 18 та маданий-гуманитар тадбир ўтказилгани қайд этилди.

Қозоғистон вакиллари Самарқанддаги “Шарқ тароналари”, Шаҳрисабздаги “Мақом”, Термиздаги “Бахши”, Марғилондаги “Буюк ипак йўли” ва Қўқондаги “Ҳунарманд” каби халқаро фестивалларда мунтазам иштирок этиб келаётгани алоҳида эътироф этилди.

Илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик натижалари форум иштирокчилари эътибор марказида бўлди. Бугунги кунда Қозоғистондаги 116 та таълим муассасасида 8 500 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётгани, университетлар, фанлар академиялари, музейлар ва ижодий уюшмалар ўртасида самарали ҳамкорлик шакллангани таъкидланди.

Шу тариқа, Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбек-қозоқ илмий-ижодий зиёлиларининг иккинчи форуми икки халқ ўртасидаги гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни муҳокама қилиш, шунингдек, илм-фан, маданият ва ижод аҳли ўртасида ўзаро фикр алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.

Шу билан бирга, форум доирасида делегация раҳбарлари ва иштирокчилар университетда ташкил этилган икки халқнинг буюк шоирлари, рассомлари ва олимларининг илмий ҳамда ижодий меросидан иборат намуналар кўргазмаси, шунингдек, инновациялар ва IT-технология лойиҳалари билан танишдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг