Самарқандда “Нуробод технопарки” махсус саноат зонаси ташкил этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Самарқанд вилоятида “Нуробод технопарки” махсус саноат зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–243-сон, 04.08.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар Нуробод туманида инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва саноатни ривожлантиришнинг 2025–2030 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди, жумладан:
юқори технологияли замонавий ва сифатли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига жами 1,1 млрд АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
юқори технологияли замонавий ва сифатли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини яратиш орқали 5,1 минг доимий иш ўринларини яратиш.
Нуробод тумани Сазағон массивидаги бўш турган 115,3 гектар ер участкаси “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан чиқарилади ва ушбу ҳудудда “Нуробод технопарки” махсус саноат зонаси ташкил этилади.
Махсус саноат зонасини бошқариш учун “New Vision Investment Development” МЧЖ хорижий компанияси ташкил этилган.
Шунингдек,махсус саноат зонасида ишлаб чиқариш биноларини кўп қаватли (3-4 қават) қилиб қуриш назарда тутилган.