Самарқандда МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг 57-йиғилиши бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 16-17 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси ўз ишини бошлади. Бу йилги тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилди.
Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мажлис иштирокчиларига табрик сўзи ўқиб эшиттирилди.
Унда таъкидланганидек, мазкур Кенгашнинг ҳар йилги мажлислари терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчилик ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш учун мустаҳкам асос яратди.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё минтақасида хавфсизликка таҳдид солаётган бир қатор омилларга алоҳида эътибор қаратди. Афғонистондаги беқарор вазият, халқаро террорчи гуруҳлар фаолияти, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва трансчегаравий уюшган жиноятчилик шулар жумласидан эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва сунъий интеллектдан ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Президент глобал хавфсизлик масаласига алоҳида тўхталар экан, минтақа атрофи ва Яқин Шарқда юз бераётган низолар барчани чуқур ташвишга солаётгани, улар иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Ушбу омиллар жаҳон бозорида носоғлом рақобатнинг кучайиши, энергия манбалари нархининг ошишига олиб келмоқда. Шунингдек, энергетика ва транспорт соҳаларида миллий ва халқаро лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти шундай мураккаб шароитда МДҲга аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, энергетика ва коммуникация тизимларини барқарор ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.