Самарқандда газ-ҳаво аралашмаси портлаши оқибатида олти киши ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилоятида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) маълум қилди.
ФВБ маълумотига кўра, фожиа 2025 йил 8 майдан 9 майга ўтар кечаси Самарқанд шаҳрининг «Боғисарой» маҳалласидаги Спитамен кўчасида жойлашган уйлардан бирида содир бўлган. Уйда газ-ҳаво аралашмаси ёниб кетиши оқибатида портлаш юз берган.
Шунга кўра, ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб бориб, бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этишга киришган.
Чақнаш натижасида ҳосил бўлган кинетик зарбадан уйнинг темир-бетон конструкциялари қулаши оқибатида, 1,2,3чи қаватлари va ертўла қисми зарарланган. Ёнғин содир бўлмаган.
Олиб борилган ҳаракатлар натижасида вайроналар остидан 6 нафар фуқаронинг жасади топилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳи раҳбарлигида Самарқанд вилояти ФВБ бошлиғи, Прокуратура, ИИБ, ССБ, МГ, «Ҳудудгазтаъминот» va тегишли ФВДТ хизматларидан тезкор – Штаб тузилиб, вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунга 10 та асосий va махсус ёнғин-қутқарув техникалар va ФВДТнинг куч, воситалари жалб этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб borilmoqda.