Самарқандда Европа парламенти делегацияси билан музокаралар ўтказилди

Самарқандда Европа парламенти делегацияси билан музокаралар ўтказилди

Самарқандда Европа парламенти делегацияси билан музокаралар ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи парламентлараро форуми доирасида Европа парламенти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича Европа парламенти делегацияси раҳбари Джузи Принчи ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс билан музокаралар ўтказди.

Учрашув чоғида Д. Принчи Ўзбекистонга мазкур форумни илгари суриш ва юқори даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдириб, ушбу платформа Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи парламентлари ўртасидаги мулоқотнинг биринчи институционал шакли сифатида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Замонавий геосиёсий ўзгаришлар шароитида ташқи алоқаларни диверсификация қилиш зарурлиги қайд этилиб, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг минтақадаги ишончли стратегик шериги сифатида эътироф этилди.

Европа Иттифоқининг сиёсий мулоқот билан бир қаторда савдо-иқтисодий, туризм, маданий ва таълим соҳаларида ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлиги билдирилди.

Шунингдек, Европа парламенти депутатлари Томаш Здеховский ва Тьерри Мариани “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ҳамда Ўзбекистон Президентининг Брюссель шаҳрига амалга оширган ташрифи натижаларини юқори баҳолаб, уларнинг стратегик аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Таълим, маданият ва ёшлар алмашинуви соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақа мамлакатлари фуқаролари учун визалар имкониятларини кенгайтириш бўйича амалий чоралар кўрилаётгани ҳам таъкидланди.

Шу билан бирга, форум форматининг очиқ ва инклюзив хусусиятини сақлаб қолиш, ҳамкорлар доирасини кенгайтириш ҳамда устувор йўналишларни аниқ белгилаш орқали амалий натижаларга эришиш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар парламентлараро форумларни Брюссель шаҳрида ва Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида мунтазам ўтказишга тайёр эканлигини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг